Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) давлат ҳокимиятининг вакиллик органидир.

Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, шунингдек, ўз регламентига мувофиқ амалга оширади.

Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишларини маҳаллий Кенгашнинг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) тасдиқланган иш режаси асосида белгилаб олади. Маҳаллий Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган иш режаси асосида маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) иш режалари тузилади.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси маҳаллий Кенгаш депутатлари (бундан буён матнда депутатлар деб юритилади), доимий комиссиялар, маҳаллий ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, ҳудудда жойлашган корхона, ташкилот ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таклифлари, шунингдек, ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси сессияда қабул қилинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Маҳаллий Кенгаш иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилинади.

Ҳоким – маҳаллий Кенгаш раҳбари маҳаллий Кенгаш ишини ташкил этади, маҳаллий Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади, унинг сессияларида раислик қилади. Ҳоким ўз фаолияти тўғрисида маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот беради. Маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати – беш йил.

Маҳаллий Кенгаш ҳудуд учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларининг амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, юқори турувчи маҳаллий Кенгаш ва ҳокимнинг қарорлари ижро этилишини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқани, аҳолини тегишли ҳудудни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.

Маҳаллий Кенгашнинг асосий ваколатларига:

  • ҳокимнинг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;
  • маҳаллий бюджетни (туман бюджетини) ҳокимнинг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;
  • маҳаллий бюджетнинг (туман бюджетининг) тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳокимнинг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
  • маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
  • ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек, ҳокимнинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини тинглаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;
  • маҳаллий Кенгашнинг Иш тартибини, доимий комиссиялар ва бошқа комиссиялар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;
  • доимий комиссиялар ва муваққат комиссияларни, маҳаллий Кенгашнинг бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;
  • қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда депутатларнинг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
  • маҳаллий ижро ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини (ахборотларини), шу жумладан, қонунларга риоя этилиши, маҳаллий Кенгаш қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини (ахборотларини) эшитиш;
  • депутатларнинг сўровларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
  • ҳокимнинг ва қуйи маҳаллий Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;
  • ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик таркибий тузилмаларини, унинг ходимлари, штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш киради.

Маҳаллий Кенгаш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан таъминланади.

Маҳаллий Кенгаш котибияти ўз фаолиятини маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган низом асосида олиб боради.

Барчамизга маълумки, 2019 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳамда Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашига 2020 йилнинг 5 январь куни қайта сайлов бўлиб ўтди.

Шунингдек, 2019-2020 йил сайловларида илк бора 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган номзодлар Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши депутатлиги учун 30 та сайлов округида тенг шароит ва имкониятларда соғлом рақобат олиб бордилар. Сайловнинг якуний натижаларига кўра, Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши тўлиқ шакллантирилди.

Бугунги кунда, маҳаллий Кенгаш шаҳримиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, шунингдек, аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ечим топишда фаоллик кўрсатиб, том маънода халқ вакиллик органи вазифасини бажармоқда.

2020 йилдан Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши депутатларининг сайланган округларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш амалиёти йўлга қўйилди ва бунинг учун маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан асфальт, соғлиқни сақлаш муассасаси, таълим муассасаси, болалар майдончаси, кўп қаватли уйларнинг эскирган лифтлар алмаштириш, ётоқхонани таъмирлаш, ичимлик суви ва оқава сув тизими ҳамда маҳалла ҳудудларида видео кузатув камера ўрнатиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилди ва натижада ҳудудлардаги аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалалар ўз ечимини топди.

2021 йил бошидан шу кунга қадар Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши депутатларининг сайланган округларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифларига биноан асфальт, соғлиқни сақлаш муассасаси, таълим муассасаси, болалар майдончаси, кўп қаватли уйларнинг эскирган лифтларини алмаштириш, ётоқхонани таъмирлаш, ичимлик суви ва оқава сув тизими ҳамда маҳалла ҳудудларида видео кузатув камера ўрнатиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилди ва тасдиқланган лойиҳалар асосида ишлар жадал олиб борилмоқда.

Ажратилган пул маблағларидан асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилиб, амалий чора-тадбирлар сабаб сайловчиларнинг ўзлари сайлаган депутатларига ишончлари янада ортмоқда.

II-чақириқ 2019-2022 йиллар давомида халқ депутатлари Яккасарой тумани Кенгаши томонидан 70 дан ортиқ сессия ўтказилди, ушбу сессияларда 380 дан ортиқ масалалар кўрилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, 2020-2021 йиллар давомида Яккасарой туман сектор раҳбарларини 7 маротаба, Адлия бошқармаси 4 маротаба, Халқ қабулхонаси 2 маротаба, Бош вазир қабулхонаси 2 маротаба, суд раислари 15 маротаба, бошқарма ва ташкилот раҳбарларининг ҳар чорак ва ҳар ойда ахборот ҳамда ҳисоботлари эшитиб борилмоқда.

Маҳаллий Кенгаш томонидан тасдиқланган йиллик иш режага мувофиқ ҳар чоракда секторлар, тегишли ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобот (ахборотлари)лари эшитиб келинмоқда.

Сессия кун тартибига киритиладиган масалалар дастлаб маҳаллий Кенгашнинг доимий комссиялари томонидан кўриб чиқилади.

Ҳозирда маҳаллий Кенгашда фаолият юритаётган қуйидаги доимий комиссиялар мавжуд:

  1. Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси;
  2. Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси;
  3. Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси;
  4. Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси;
  5. Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси;
  6. Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси;
  7. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм масалалари бўйича доимий комиссияси;
  8. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси.